19 ноября 2026 г. 9:01
Статистикага кўра, йилнинг биринчи ярмида туғилган болалардан иккинчи ярмида туғилганларга нисбатан кўпроқ профессионал футболчи етишиб чиқишини билармидингиз?
Биз мураббийликнинг «B» курсида ўқиганимизда эса, аксинча, иккинчи ярим йилликда туғилган болалардан кўпроқ иқтидорли футболчи чиқиши мумкинлиги ҳақида гапиришган эди.
Жаҳон статистикасига эътибор қаратсак, қизиқ манзарага дуч келамиз.
2023 йилда 54 та Европа давлатининг юқори дивизионларидаги 18 429 нафар футболчи ўрганилган.
Уларнинг:
30,9 фоизи январь-мартда;
25,7 фоизи апрель-июнда;
23,8 фоизи июль-сентябрда;
19,6 фоизи октябрь-декабрда туғилган.
Демак, январь-мартда туғилган футболчилар декабрь ойигача бўлган охирги чоракда туғилганлардан қарийб 1,6 баравар кўп.
Бунинг сабаби — нисбий ёш афзаллиги (Relative Age Effect).
Болалар футболида гуруҳлар календарь йили асосида шакллантирилади. Натижада январда туғилган бола билан декабрда туғилган бола ўртасида деярли бир йиллик фарқ бўлади.
10–14 ёшда бу жуда катта тафовут: бўй, куч, тезлик ва мушак массаси.
Жисмонан бақувват бола мураббийнинг эътиборини тезроқ қозонади, кучли академияга ўтади ва кўпроқ ўйин амалиётига эга бўлади. Декабрда туғилган, техникаси ва футбол интеллекти юқори бола эса жисмоний курашда ютқазгани учун иқтидорини тўлиқ намоён қила олмаслиги мумкин бўлади.
Энг катта хато — боланинг бугунги жисмоний ҳолатига қараб унинг эртанги салоҳиятини баҳолаш бўлади.
Масалан, жисмонан кучли бола рақибларини тезлик ва куч билан енгади. Кичик гавдали бола эса вазиятни олдиндан баҳолашга, тез қарор қабул қилишга, техника ва ақл билан ўйнашга мажбур бўлади.
Йиллар ўтиб, жисмоний фарқлар тенглашганда, иккинчи болада ҳам жисмоний етуклик, ҳам техник ва тактик тажриба шаклланган бўлиши мумкин.
Бельгия футбол федерацияси бу муаммони ҳисобга олиб, 2008 йилда кеч жисмоний етиладиган футболчиларни сақлаб қолишга қаратилган «Future Teams» дастурини йўлга қўйди.
Улар U15–U17 ёш тоифаларида жисмоний ривожланиши ортда қолаётган, аммо техникаси ва футбол интеллекти юқори болалар учун алоҳида жамоалар ташкил қилишди.
Уларга халқаро ўйинларда қатнашиш имконияти берилди. U14 гача бўлган мусобақаларда эса турнир натижасидан кўра футболчиларнинг ривожланишига устувор аҳамият қаратилди. Турнир жадвали олиб ташланди.
Мақсад оддий эди: жисмонан кучли болаларни эмас, ҳақиқий иқтидорларни йўқотмаслик эди.
Бельгия футболининг кейинги авлодидан Кевин Де Брюйне, Эден Азар, Ромелу Лукаку, Тибо Куртуа каби жаҳон юлдузлари етишиб чиқди. Албатта, уларнинг барчасини ушбу дастур маҳсули деб бўлмайди, аммо Бельгиянинг футболчи тарбиялашга бўлган ёндашуви маҳсули деса ҳам бўлади.
Мураббийлик курсида бизга тушунтиришган фикрнинг мантиғи шундаки: ўзидан жисмонан кучли рақибларга қарши ўйнаган бола техника, фикрлаш ва тез қарор қабул қилишга кўпроқ таянишга мажбур бўлади.
Кейинчалик жисмоний фарқлар тенглашганда эса бу сифатлар унга катта устунлик беради ва ундан ТОП футболчи чиқиши кўпроқ содир бўлади.
Футбол академиясининг вазифаси бугунги энг кучли болаларни танлаш эмас, эртанги энг кучли футболчиларни тарбиялаш бўлиши керак.
Айрим ота оналар фарзандларини нимага "ўқлашини" энди тушуниб етдингизми ?
@salimov_futbol
